Нашриёт ҳақида

02

I. Ноширлик соҳасида

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги давлат корхонаси бўлиб, “Ўздавнашр”нинг адабий-бадиий бўлими негизида 1957 йилда Адабиёт ва санъат нашриёти, 1964 – 1966 йилларда “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти, 1966 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти номлари билан фаолият кўрсатган бўлса, Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасининг 2002 йил 10 апрелдаги 30-сонли буйруғига биноан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Ёзувчи” ҳамда Рангли босма фабрикаси негизида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи деб номланди ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг буйруқ ҳамда фармойишлари, шунингдек, ўз Низоми асосида фаолият юритиб келмоқда.

Асосий фаолияти юқори сифатли, мазмунан бой, ғоявий бақувват, ҳар бир давр учун хизмат қилувчи бадиий жиҳатдан юксак адабиётлар ва босма маҳсулотларни яратиш ва чоп этиш, ўқувчиларнинг китобга бўлган эҳтиёжларини қондиришдан иборат бўлган мазкур ижодий уй, айниқса, мустақиллик даврида ўзбек ва жаҳон адабиётида воқеага айланган кўплаб адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, тарихий, илмий-маърифий мавзудаги асарларни, умумтаълим мактаб ўқувчилари, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларни нашр этиб келмоқдаки, бу аллақачон шу соҳа мутахассислари, адабиётшунослар ва кенг китобхонлар оммасининг эътирофига сазовор бўлган. Ижодий уй қатъий режа асосида фаолият юритади. Шундан келиб чиқиб, ижодий жамоа ҳар йили маънавий-маърифий, миллий қадриятларимиз руҳини ўзида мужассам этган ранг-баранг мавзуларга эътибор қаратади, ўқувчилар талаб-истакларидан келиб чиқиб, мазмунан савияси юқори бўлган китобларни нашр этишни режалаштиради ва бу режада бадиий адабиётнинг барча жанрлари ўз ифодасини топиши шубҳасиз.

Агар биз нашриёт тарихига назар соладиган бўлсак, ўтган йиллар давомида бу ерда дунё юзини кўрган китобларни санаб саноғига етиш қийин. Ўзбекистонда адабиёт ва санъатга доир неки сара асар борки, бари шу таҳририятда нашрга тайёрланган ва чоп этилган, десак муболаға бўлмас. Бу китоблар сони билан эмас, сифати ва салмоғи билан ҳам китобхонларни ўзига жалб этиб келгани рост. Буни кўпни кўрган ноширлар, муаллифлар, ўқувчилар яхши билишади.

Ўтган 2013 йил ҳам ижодий уй учун сермаҳсул ва баракали йил бўлди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ижодий уйида ишлаб чиқариш ҳажми билан бирга матбаа маҳсулотлари сифати ҳам ошди. 2006 йилда 2,2 миллиард сўмлик китоб ва матбаа маҳсулоти ишлаб чиқарган корхона 2013 йилда бу кўрсаткични 10,0 миллиард сўмга етказди. Ижодий уйида 2010 йилда чоп этилган адабиётлар ҳажми 1 085,55 босма тобоқ, адади 2 243 212 нусхани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2013 йилга келиб, 1 525,77 босма тобоққа, адади 22 556 433 нусхага етди. Бу йилда шеърият султони Мир Алишер Навоийнинг ўн жилдлик Тўла асарлар тўпламининг ўзбек тилига асосланган лотин алифбосидаги иккинчи нашри амалга оширилди. Малик ул-калом Лутфийнинг “Девон”и ўзбек мумтоз адабиёти мухлислари учун зўр туҳфа бўлди. Таниқли аллома Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари эса охирги йилларда нашр этилган мумтоз асарлар ичида энг мумтози бўлди, десак арзийди. Шу йили Гомернинг “Одиссея” асарини китобхонлар илк маротаба ўзбек тилида мутолаа қилишга муяссар бўлишди.

II. Танловларда ўрин олган китоблар

Бугунги кунгача нашриётимиз томонидан чоп этилган китоблар бир қатор халқаро ва республика миқёсида ўтказилган нуфузли танловларда муносиб тақдирланиб келинмоқда. Жумладан, 2006 йили Алишер Навоийнинг “Хамса” китоби  Москва шаҳрида МДҲ мамлакатлари ўртасида ўтказилган “Искусство книги” III халқаро танловининг “Содружество” номинацияси бўйича 1-даражали диплом, 2008 йили “Ўзбек халқ эртаклари” китоби Москвада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида ўтказилган “Искусство книги” V халқаро танловининг “Содружество” номинациясида 1-даражали диплом, Ашхабад шаҳрида ўтказилган “Олтин аср китоблари” китоб ярмаркасининг дипломи, 2010 йили Александр Файнбергнинг “Стихи” (1-2-китоблари) “Йилнинг энг яхши китоби” II Республика танловининг “Ўзбек адабиёти” номинациясида 3-даражали диплом, “Ўзбекистон – Ватаним маним” китоби “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” номинациясида 3-даражали диплом, 2011 йили Алишер Навоийнинг “Тўла асарлар тўплами” (10 жилдлик) “Йилнинг энг яхши китоби” III Республика танловининг “Ўзбек мумтоз адабиёти” номинациясида 1-даражали диплом, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” китоби “Ижтимий-сиёсий адабиёт” номинациясида 2-даражали диплом,  Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” китоби “АРТ китоб” номинациясида 1-даражали диплом, 2012 йили Ғафур Ғуломнинг “Танланган асарлар” китоби “Йилнинг энг яхши китоби”  IV Республика танловининг “Ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти” номинациясида 2-даражали диплом, Шуҳратнинг “Оққушнинг кенжа боласи” китоби “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” номинациясида           3-даражали диплом, “Африка ҳайвонот олами” (1-2-китоб) “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” номинациясида 2-даражали диплом, Миразиз Аъзамнинг “Буюклар муҳаббати” ва Низомиддин Маҳмудовнинг “Тилимизнинг тилла сандиғи” китоблари “Ижтимоий-сиёсий адабиёт” номинациясида рағбатлантирувчи диплом, Шуҳрат Мирфаёзовнинг “Ҳайвонлар расмини чизишни ўрганамиз” китоби “Болалар ва ўсмирлар адабиёти” номинациясида рағбатлантирувчи диплом, 2013 йили Лутфийнинг “Девон”и “Йилнинг энг яхши китоби” V Республика танловида “Ўзбек ва жаҳон адабиёти” номинацияси бўйича 1-даражали диплом билан тақдирланган.

Бу сўзимизнинг бир дебочаси, аввали эса бир-биридан гўзал бадиий китоблардир. Чустийнинг “Муҳаббатнома”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, Абдулла Ориповнинг “Танланган асарлар”и (7-жилд), Зокиржон Машрабовнинг “Бори элга яхшилиғ қилғил”, Муҳаммад Очилнинг “Сайланма”си, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Ҳаёт кутмайди”, Усмон Азимнинг “Жимлик”, Омон Мухторнинг “Муҳаббат ўлимдан кучли”, Убайдулла Уватовнинг “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” (инглиз тилида), Салим Ашурнинг “Муҳаббат китоби” каби у ёки бу жанрда нашр этилган юзлаб адабий-бадиий китоблар сирасига кирса, халқимизнинг тарихий, маданий мероси, илм-фани, адабиёти, миллий қадриятлари, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий соҳаларини ўз ичига қамраб олган “Маънавият – асосий тушунчалар изоҳли луғати”, “Кучли фуқаролик жамияти ва ёшлар тарбияси”, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман”, “Ўзбекистонда ким яхши яшайди”, “Мустақил Ўзбекистон тарихи” каби китоблар ҳам алоҳида эътирофга лойиқ ва бу китоблар маънавий дунёмизни бойитишга дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ўз навбатида болажонларимиз ҳам эътибордан четда қолмади. Уларга атаб “Энг яхши эртаклар”, “Инглизча-русча-ўзбекча расмли луғат”, Ҳ.Мусурмонованинг “Махфий учлик” қиссаси, Ш.Мирфаёзовнинг “Пропись по английскому языку”, “Ҳарфларни ёзишни ўрганамиз”, “Ҳайвонот олами” рукнида “Сувости ҳайвонот олами”, “Австралия ҳайвонот олами”, Роберт Люис Стивенсоннинг “Хазиналар ороли” каби қатор китобларни ва умумтаълим мактаблари учун “Мусиқа”, “Тасвирий санъат” дарсликларини, касб-ҳунар коллежлари учун ўнлаб номдаги ўқув қўлланмаларни нашр этдик. Бу китоблар ижодий уйимизнинг болажонларимизга аталган муносиб совғаси бўлди.

III. Корхонани модернизация қилиш

Бугунги тезкор замонда китоб чоп этиб, ўқувчиларга манзур этиш ўзига яраша машаққатли жараён. Китобхоннинг диди ва талабини ўрганмай туриб, китоб нашр этиш кўзланган мақсадга эришиш имконини бермайди. Ҳозир замонавий технологиялар асри. Ким кучли технология, замонавий асбоб-ускуналар билан қуролланган бўлса, у китоб бозорида ўз ўрнига эга. Ғафур Ғулом номидаги НМИУ жамоаси ҳам янгиликка интилиб, замон билан ҳамнафас фаолият юритишга ҳаракат қилмоқда. Корхонанинг матбаа базаси янги, замонавий асбоб-ускуналар билан бойитилмоқда. 2013 йили қавариқ босма ускунаси ўрнатилган бўлса, 2014 йилнинг 1 ва 2-чорагида баҳоси 127 минг евро бўлган Туркиянинг MAKINA 1250 русумли қоғоз кесиш, Хитойнинг Kara юк ташувчи машинаси (80 млн. сўм), умумий нархи 537 минг евро бўлган Япониянинг Rayobi 784 ER (S) русумли тўрт бўёқли офсет босма машиналари ишга туширилиш арафасида.

IV. Инфратузилмани ривожлантириш

Иқтисодий янгиланишлар жараёнида меҳнат шароитида корхона фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида корхонанинг инфратузилмаси – ижтимоий объектларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда ва 2007 йилдан 2014 йилгача маънан эскирган объектлар тамоман замонавий тарзда янгиланди. Корхонанинг асосий кириш жойи, муқовалаш цехи ходимлари учун овқатланиш, янги 30 кишилик кийиниш ва душ хонаси, таҳририят учун 6 та хона, босма цехи ходимлари учун ювиниш хонаси таъмирланди, янги кийиниш ва душ хонаси қурилди.

Хоналар ва цехларнинг қишки мавсумда иссиқ бўлишини таъминлаш мақсадида 1949 йилда қурилган қозон ўрнига замонавий қозонхона қурилиб, янги иситиш қозони ўрнатилди. Бинонинг фасад томонида жойлашган барча хоналар таъмирланиб, уларга янги замонавий дераза-ромлар ўрнатилиб, ташландиқ бино ўрнида ҳашар йўли билан 150 ўринлик янги ошхона барпо этилди. Шунингдек, 2010 йилда бинонинг иккинчи қаватида жойлашган эски фотолаборатория хонаси бошқарув аппарати ходимлари учун учта хонага бўлиб таъмирланди.

2011 йилда бинонинг 1-қаватидаги хона таъмирланиб, “Маънавият ва маърифат” хонасига айлантирилди ва 50 кишилик мажлислар ўтказиладиган инвентарлар билан жиҳозланди. Босма цехида қиш мавсумида иссиқни сақлаш мақсадида янги дарвоза ўрнатилди. 2012 йилда янги кимё лабораторияси, хўжалик қоғози ишлаб чиқариш участкаси, таҳририят ходимлари учун 2 та хона барпо этилди.

2013 йилда бинонинг том қисми  реконструкция қилиниб, фасад қисми  таъмирланди, бухгалтерия ходимлари  учун 3 та хона, муқовалаш цехи  ходимларининг овқатланиш хонаси  таъмирланиб, тиббиёт хонаси очилди. 2014 йилда босма цехи учун янги ювиниш хоналари қуриш ва янги сотиб олинган босма машиналар учун алоҳида жойлар тайёрланди. Бу ишлар учун 454 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу эса корхона ишчи-ходимларининг яхши дам олишлари ва самарали меҳнат қилишлари учун шарт-шароит яратилгани ва уларнинг иш унумдорликларининг ошишига олиб келди.

Шу билан бирга корхонада ишлаб турган, лекин маънан эскирган, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ёнилғи сарфи юқори автомашиналар ўрнига янги, ёнилғи сарфи кам, ишлаш унумдорлиги юқори, ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналар билан алмаштирилди. 2008 йилда битта “Исузи” юк ташиш машинаси (48 млн.), 2010 йилда “Ласетти” енгил машинаси (27 млн.), 2012 йилда “Ласетти” енгил машинаси (27 млн.), 2013 йилда 2 та “Дамас” (50 млн.) ва битта “Пикап” (44,5 млн.) машиналари харид қилинди ва кўплаб литр ёнилғи ва автоэҳтиёт қисмлари иқтисод қилинишига эришилди.

V. Кадрлар билан ишлаш

Корхонада доимо кадрлар масаласига катта эътибор қаратилиб келинади. Ходимларнинг малакаси, касбий маҳорати, билим ва тажрибасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ишлари кенг йўлга қўйилган. Корхонада фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг ўртача ёши  39 ёшни ташкил этади ва бу бошқа ижодий уйиларига нисбатан анча ёш жамоани ташкил этади. Бугунги кунда корхонада фаолият юритаётган ёш мутахассисларга катта эътибор берилиб, уларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг малакасини ошириш мақсадида АКТ, бухгалтерия, маркетинг соҳалари, стандарт талаблари бўйича ўқув курсларида ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда. Ёшларни ратоцион усулда ҳар 6 ойда малака алмашиш тажрибаси йўлга қўйилган. Корхонага бириктирилган Тошкент матбаа касб-ҳунар ва Чилонзор касб-ҳунар коллежлари билан шартномалар имзоланган ва бу талабаларга амалиёт ўташлари учун корхонада барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳар чоракда яхши ўқиётганларга стипендия тўланади, ҳар ойда кам таъминланган оила фарзандларига йўл чипталари олиб берилади. Шунингдек, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Институт талабалари корхонада амалиёт ўташмоқда. Шу институтни битирган 5 нафар ёш мутахассис иш билан таъминланди, шулардан 3 нафари ҳозирги кунда талаба.

Корхонада меҳнат қилаётган 11 нафар ишчи-ходимларнинг фарзандлари ўқишлари учун контракт пуллари тўлаб берилди. Айниқса корхонада ишлаб туриб, магистратурада ўқишни давом эттирадиган ходимларнинг контракт пулларини корхона ҳисобидан тўлаб бериш йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керак.

VI.Режалар

Ҳали олдинда қилишимиз ва амалга оширишимиз керак бўлган режаларимиз кўп. Корхона биноси ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган бўлиб, бино мутлақо нашриёт, босмахона учун мўлжалланмаган ва бугунги кунда матбаа хомашёсини, ишлаб чиқарилаётган китоб маҳсулотларини сақлаш учун омборхоналар мавжуд эмас. Йилдан-йилга ишлаб чиқариш қуввати ошиб бораётган корхона учун бундай омборхоналар жуда зарур. Бунинг учун келгусида уч қаватли замонавий бино қуришни режалаштирмоқдамиз. Айниқса, модернизация ишлари янада кучайтирилади. Замонавий А1 форматдаги босма машинаси, СТП, буклаш, кесиш, тикиш машиналарини харид қилиш режаларимиз бор. Адабиётларни китобхонларга манзур қилиб нашрга тайёрлашимиз, уларнинг тарғиботи, сони ва салмоғини ошириш билан бирга сифатини янада яхшилашимиз, ходим ва мутахассисларимизнинг профессионал маҳорат ҳамда малакаларини оширишимиз лозим. Бу давр талаби. Давр билан бақамти яшаш эса барча ютуқларнинг гаровидир.

 VII. Нашриёт ҳақида қўшимча маълумотлар

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимига киради. Корхона “Уздавнашр”нинг адабий-бадиий бўлими негизида 1957 йилда Адабиёт ва санъат нашриёти, 1964–1966 йилларда “Тошкент” бадиий адабиёт нашриёти, 1966 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти номлари билан фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасининг 2002 йил 10 апрелдаги 30-сонли буйруғига биноан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Ёзувчи” ҳамда Рангли босма фабрикаси негизида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Президентининг Фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 27 декабрдаги 454-сонли “Матбаа корхоналарини рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2004 йил 11 июндаги 275-сонли “Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги, 2006 йил 26 октябрдаги 215-сонли “Давлат корхоналари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги ва бошқа қарорлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг буйруқ ва фармойишлари, шунингдек, ижодий уйи Низомида амал қилган ҳолда фаолият юритади.

Асосий фаолияти юқори сифатли рақобатбардош бадиий ва ўқув адабиётлари, босма маҳсулотларини яратиш ва чоп этиш, аҳолининг босма маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш.

Ноширлик фаолияти ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданий мерос, ҳозирги замон адабий-бадиий ҳамда санъат асарлари, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилида, ўзбек адабиётидан қилинган таржима асарларини чет тилларда нашр этиш ва тарғиб қилиш, китобхонларнинг бадиий адабиёт, санъат асарларига бўлган эҳтиёжини қондиришдан иборат. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим тизими, академик лицей ва касб-ҳунар таълими, умумий ва ўрта таълим мактаблари учун дарслик, ўқув қўлланмаларини нашрга тайёрлайди ҳамда ўзбек ва хориж тилларида тасвирий санъат маҳсулотлари, фотоальбомлар, буклетлар, проспектлар, календарлар, плакатлар, кўргазмали қуроллар, этикеткаларни нашр этади. Реклама фаолияти билан шуғулланиш билан бирга китоб бозори талаб-эҳтиёжини ўрганган ҳолда турли адабиётларни нашр этишни ташкил қилади.

Бундан ташқари, барча турдаги босма маҳсулотларини тайёрлаш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг босма маҳсулотларини чоп этиш, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўйича буюртмаларини бажариш, китоб, бадиий безакли матбаа маҳсулотлари, чипталар, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар, бланкаларни чоп этиш каби матбаа фаолиятини юритади. Воситачилик, савдо-сотиқ, улгуржи, чакана ва комиссион савдо билан шуғулланиш, китоб дўконлари очиш, босма маҳсулотлар ярмаркалари, кўргазмаларни ташкил этиш ва ўтказиш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, шу жумладан, ички ва ташқи бозорбоп босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш каби қўшимча фаолият турлари билан ҳам шуғулланади.

Ижодий уйида Алишер Навоийнинг 15 жилдлик асарлар мажмуаси, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Машраб, Бедил, Бобур, Нодира, Увайсий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Примқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Али, шунингдек, жаҳон адабиётининг атоқли намояндаларидан Лев Толстой, Стендаль, Ги де Мопассан, Жек Лондон, С.Цвейг, К.Дойл, Р.Тагор, Э.Хемингуэй, Нодар Думбадзе, А.Ширвонзода, Азиз Несин, Чингиз Айтматов каби кўплаб машҳур ёзувчи ва шоирларнинг асарлари чоп этилган.

Ҳозирги кунда ижодий уйи фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда “Маънавиятимиз дурдоналари”, “Ўзбек насри”, “Ўзбек назми”, “Чин муҳаббат қиссалари”, “Олтин остона”, “Нашриётимиз хазинасидан”, “Ўзбек дедективи”, “Болалар адабиёти”, “Тафаккур ёлқинлари” каби рукнлар остида мазмун-мундарижаси пишиқ, ўқувчи қалбига тез етиб борадиган, рақобат муҳитини юзага келтирадиган адабиётларни кирилл ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида нашр этилмоқда.

Бу даргоҳда мумтоз адабиёт билимдонлари Миркарим Осим, Ғулом Шоди, Рустам Комилов, Хабиб Пўлатов, Ўзбекистон Қахрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Халқ ёзувчилари Ҳамид Ғулом, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Али, Тоҳир Малик, Халқ шоирлари Миртемир, Рамз Бобожон, Жуманиёз Жабборов, Муҳаммад Юсуф, Омон Матчон, шоирлар Мавлон Икром, Тўлқин, Сайёр, Асқар Қосимов, ёзувчилар Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, таржимонлар Малик Раҳмон, Одил Шаропов, Мирзиёд Мирзоидов, Ҳасан Тўрабеков, Лола Тожиева, Саидаҳмад Худойберганов каби кўплаб таниқли ижодкорлар фаолият кўрсатган.

Китоб графикаси мактабини яратган рассомлар: И.Кириакиди, А.Бобров, А.Мамажонов, Д.Цирин, М.Кагаров ва бошқалар альбом, плакат, буклетлар ва турли адабиётларни бадиий безашда фаол қатнашган.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ўзининг шонли анъаналарини бугун ҳам давом эттириб, ўзбек ва қардош тилларида китоб, рисола, альбом, газета-журналлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини етказиб бермоқда.

Ижодий уйида замонавий дизайн студия бўлиб, у матн териш, суратларни сканерлашдан тортиб тайёр диопозитивларни чиқаришгача бўлган жараёнларни ўз ичига олади. Корхонада Германиянинг “Хейдельберг” компаниясида ишлаб чиқарилган 4 буёкли PRINT MASTER-74 русумли, саотига 15 минг лист-оттиск чоп этиш қувватига эга машина ўрнатилган. Босиш парки 2+0, 4+0, 4+4 хил рангда босувчи офсет босма машиналари (рулонли ва листли), шунингдек, плёнка қоплаш ускуналари билан жиҳозланган. Бугунги кунда 12 босқичли лист ажратувчи машина, ипли тикув машинаси, китоб блокларига ишлов берувчи автомат, уч ёқлама кесув машинаси, китоб тахловчи машина. ВШРа ва ПОНИ-5, китоб муқовасини қобиғига тикмасдан, термо клей асосида ёпиштирадиган Японияда ишлаб чиқарилган HOROIZON-BOOK Binder BQ-460 машиналари ишлаб турибди.

2013 йилнинг август ойида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаачилик ижодий уйига «Сертификат» илмий техник маркази томонидан Сифатни бошқариш тизимини мувофиқлаштириш сертификати топширилди. Ушбу ташкилот томонидан ижодий уй фаолиятига тегишли китоб маҳсулотлари, дарслик ва ўқув қўлланмалари ишлаб чиқаришни бошқариш тизими текширилиб, O’zDSt ISO 9001:2009 стандарти талабларига мувофиқ деб топилди.

Бизнинг ютуқларимиз:

2006 йилда Москва  шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  доирасида ўтказилган “Китоб  санъати” III Халқаро китоб кўргазма ярмаркасида Алишер Навоийнинг “Хамса” китоблар тўплами 1-даражали Диплом билан тақдирланди.

2007 йилда Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида ўтказилган “Китоб санъати” IV Халқаро китоб кўргазма ярмаркасида “Ўзбек миллий либослари” китоб-альбоми II-даражали Диплом билан тақдирланди.

2008 йилда Москва шаҳрида  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  доирасида ўтказилган “Китоб санъати” V Халқаро китоб кўргазма ярмаркасида “Ўзбек халқ эртаклари” китоби I-даражали Диплом билан тақдирланди.

2008 йилда Туркманистоннинг  Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган  “Олтин аср нашр намуналари”  III Халқаро китоблар кўргазмасининг I-даражали Дипломи билан тақдирланди.

2010 йилда Тошкент шаҳрида  ўтказилган “Йилнинг энг яхши  китоби” II Республика танловида “Ижтимоий-сиёсий адабиёт” номинацияси бўйича “Маънавият” китоби I-даражали Диплом билан тақдирланди.

“Болалар ва ўсмирлар адабиёти” номинацияси бўйича “Ўзбекистон Ватаним маним” китоби III-даражали Диплом билан мукофотланди.

“Ўзбек адабиёти” номинацияси  бўйича Александр Файнбергнинг “Стихи” (1-2-жилд) китоби III-даражали Диплом билан тақдирланди.

2011 йилда Тошкент шаҳрида  ўтказилган “Энг яхши китоб” III Республика танловида “Ўзбек мумтоз адабиёти” номинацияси бўйича Алишер Навоийнинг “Тўла асарлар тўплами” (10 томлик) китоблар мажмуаси 1-даражали Диплом билан;

“АРТ китоб” номинацияси  бўйича А.Фирдавсийнинг “Шоҳнома”  китоби I-даражали Диплом билан;

“Ижтимоий-сиёсий адабиёт” номинацияси бўйича “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” китоб-альбоми II- даражали Диплом билан тақдирланди.