Рауф Парфи: Фитрат ва Чўлпон шеърияти ҳақида

0_142bb6_64355294_orig

Шеърият Аллоҳ одамни ер учун яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан — Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон Ҳуқуқи — Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва Табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатнинг қора қуёши ёниб фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир — аммо, шеъриятнинг осмонига боқиб чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз…

Рауф Парфи
ФИТРАТ  ВА  ЧЎЛПОН  ШЕЪРИЯТИ  ҲАҚИДА
004

ФИТРАТ ШEЪРИЯТИ

008Абдурауф Фитрат шеърияти ҳақида сўз кетганда шуни айтиш керакки- шоир илк шеъридан бошлаб Турк Дунёсини, Туркистон бирлиги, истиқлол ғоясини илгари сурди, у турк дунёсига миллатпарвар ва ёниқ шоир сифатида танилган эди. Бу ҳақда унга замондош танқидчилардан Абдураҳмон Саъдий шундай ёзади: “Фитрат – ҳозирги ўзбек шеъриятида араб, форс сўзларига йўлни беркитди. Ўзбек шеър тузилишининг ривожланиш йўлларини белгилай бориб, кўпгина ёш шоирларни ўзининг услуби ва тили билан эргаштира олди, атрофига ёш шоирларни тўплаб уларга тил ва услубдан йўл кўрсатмакдадир.”

Абдурауф Фитрат тўрт шеърий китоб муаллифи. Булар: “Сайҳа”, “Учқун”, “Шеърлар ва достон”, “Менинг туним”. Фитратнинг профессор Ҳамидулло Болтабоев тайёрлаган кўп жилдликнинг биринчи жилдига кирган 22 та шеър ҳақида суҳбатлашамиз.

Фитрат шеърияти ночор қолган шоирнинг ўтли нидоларидангина иборат эмас, у Туркистонни оёқ ости қилган келгиндиларга, жаҳолат туфайли товушлари ўчган ватандошларига аччиқ нафратли мурожаатидир. Шеърларнинг шаклий қурилишлари ҳам мавзу эътибори билан ўзига хосдир. Бу шеърият- янгича бўлиб янгича шуур, янгича дунёқарашнинг янгича тамойилларини ўзида акс эттиради. Янги ўзбек шеърияти бутун дунёни уйғотадиган бир қудратга эга бўлиши керак эди.

Янги ўзбек шеъриятининг асос манзили, ўчоғи Ватан, Туркистон, истиқлол, Эрк мавзуи бўлди.

Букун ҳам шундай.

«Бухоро вазири Насрулло Парвоначига очиқ мактуб»ида Фитрат ёзади: «Ҳар қанча кўз ва қулоғингизни беркитсангиз ҳам, бу қадимий ислом миллатининг фарёди ва муқаддас ватанимизнинг хароблигига ачинмай тура олмайсиз…Миллатимиз ва юртимизни шу ҳолга келтириб қўйдикки, дунёнинг бурчагида энг қийин кунларда ташвиш чекиб яшаётган одамлар ҳам бизнинг аҳволимизга қон йиғламоқдалар.»
Амирга қарата айтилган сўзлари ҳам асарга илова қилинган, бу баёнотда мана бундай дейилади:” Бугун ё эрта дини исломнинг душманлари биз — мусулмон халқни қора кунларга соларлар. Бу жиноятчиларнинг вазифаси аввали дини исломга хусумат бўлиб, яқин замонлар биздан динимизни тарк қилишни талаб қиларлар. Имонимизни тўпга, азонимизни қўнғироққа, масжидимизни черковга алмаштирмоқдан бошқа нарса қолмас.”

Фитрат барча диндош биродарларига мурожаат қиларкан ” бу таназзул (яъни нимаики бой берилаётган бўлса) , мусулмонларнинг унсизлиги ва ҳаракатсизлиги натижаси”, дея билади.

Фитрат ҳаёти ва фаолиятига бағишланган жуда кўп хорижий манбаларда, замондошларининг хотираларида унинг номига ”шоир” сифатлаши кўплаб айтилган. Бу Фитратга нисбатан шунчаки шахсий муносабатнинг натижаси бўлмай, балки унинг шоирлик истеъдодига алоҳида ҳурмат билан қараганликларининг боиси ҳамдир.

Файзулла Хўжа 1911 йили чоп этилган ”Сайҳа” (”Нидо”, ”Наъра” маъноларини беради.) шеърий тўплами ҳақида шундай ёзади: ”Ватанпарварлик шеърлари тўплами бўлган ”Сайҳа” ни ўқиган кишиларни Бухоро ҳукуматигина эмас, рус ҳукумати ҳам таъқиб қила бошлади, чунки бу шеърларда мустақиллик ғояси биринчи марта жуда ёрқин шаклда ифодалаб берилди.”

Бир тарафдан Туркистонда очлик, қашшоқлик ҳукм суриб турган замонда, бир тарафдан рус империяси билан инглиз жаҳонгирлари Туркистонни эгаллаш ҳақида яширин музокаралар олиб бораётган кунларда ”туркликнинг қонини қайнатгувчи, иймонини юксалтгувчи қувват берган бир суюнчли сўз туғилди, яъни 27 нўябрнинг кечасинда миллий лайлатулқадримиз бўлган Туркистон Мухторияти эълон қилинди.” Шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз каби ялқиллаган бу мухториятни олқишларкан, Фитрат маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтган, йиртқич жандарманинг тепкиси билан йиқилган , ёндирилган , осилган диндошларимизнинг ҳолатини шундай арз этади: ”Эллик йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қулфланди, еримиз босилди, таланди, шарафимиз сурилди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқларимизга тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди- тўзумли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруққа бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшинтурдик, иймонларимизга ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!”

Таассуфки, миллий лайлатулқадримиз — Туркистон мухторияти ўз олдига қўйган оламшумул режаларни бажаришга улгурмай, Колесов бошлиқ ”тинчликни барқарор қилувчи кучлар ” томонидан йўқ қилиб ташланди.

Биз янглишган эдик. Яна янглишдик.

Бу аламли туйғу янги ўзбек шеъриятининг мағзини ташкил қилади.

Янги ўзбек шеъриятининг булоқларининг кўзларини очган буюк аллома Абдурауф Фитрат бўладилар.

Ўттиз асрлик Ўзбек адабиёти, хусусан ўзбек шеърияти дунёвий ҳодисадир. Бу ҳодисани тадқиқ қиладиган академиялар, институтлар, ассамблеялар, форумлар керак.
Дунёвий ҳодисани дунё миқёсида амалга оширадиган кучли мустақил демократик давлат зарур!

Биз агар Уилям Шекспирни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Алишер Навоийни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Биз агар Томас Манни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Абдулҳамид Чўлпонни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Биз агар Робиндранатҳ Тҳакурни билмаганимизда эди, кўп нарсани йўқотган бўлар эдик. Аҳли дунё Абдурауф Фитратни билмагани учун кўп нарсани йўқотди.

Бундайин қиёсларни узлуксиз давом эттириш мумкин. Фойдасиз. Ўзимиз ҳали билмаган нарсани дунё қаердан билсин.

Жаҳон Адабиёти тубсиз ва чексиз бир уммондир, унга ҳар ким ўз шахсий пиёласи билан боради.

Турк Дунёси, Турон, Туркистоннинг маданий таърихида жаҳон мақдуниятини учсиз чўққиларга кўтарган буюк алломалар ўткан. Уларнинг амаллари дунёга маълум ва машҳур. Ана шундай алломалардан бири, улуғ ватандошимиз Абдурауф Фитратдир.

Ўзининг иккинчи олтин даврини тугатиб 16 асрдан Туркистон таназзулга юз тутган, хусусан 19-20 асрга етиб аянчли ҳолатда тўлғонар эди.

Чор империяси, кейинчалик қизил салтанат Туркистон мусулмонларининг, айниқса, турк халқларининг бирлашувидан қаттиқ қўрқарди, шунинг учун тиш-тирноғи билан қуролланиб туркчиларни, туркчи бўлмаганларни ҳам, умуман тубчак аҳолидан чиққан мунавварларни тирик қолдирмасликка киришади. Ўғри, босқинчи, маккор, худосиз маҳлуқлар муқаддас Туркистон тупроғини таладилар, бўғдилар, қонга ботирдилар.

Туркистон- ўзининг балогардонини, улуғ фарзандининг туғилишини жуда-жуда истар эди ва Аллоҳ иродаси-ла у Инсон туғилди. Абдурауф Фитрат насаби билан дунёга келди.

Абдурауф Фитрат- Туркистон руҳининг даҳосидир.
У Туркистон истиқлоли учун қурбон бўлди. Истиқлолдан кейин қайта туғилди.
Бу кун Абдурауф Фитрат жаҳон фуқаросига, Туркистоннинг оламшумул рамзига айланди.

28.04.2004.

777

ШЕЪРИЯТ ҲУҚУҚИ
(Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон шеърияти хусусида)

 

Кўз ёшимда ювсам юртнинг шонини,
Тилим билан сўрсам оққан қонини…
Қонли кунлар тушди менинг бошимга.

Абдулҳамид Чўлпон.

150810112847_chulpon_640x360_bbc_nocredit.jpgАлишер Навоий вафотидан сўнг дунё 500 йилга қариди. Абдулҳамид Чўлпон юзга кирди. Дунё юз ёшга яшарди. Бутун Турк Дунёси ўзининг буюк шоирини шарафламоқда. Унинг сиймосида биз ”Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгусини”, шоирга ўлим йўқ эканини, Шеърият Ҳуқуқи ғалабасининг гувоҳи бўлдик.

Сўзимиз кўча-кўйнинг мижғов лофларидан, хоним-ойимчаларнинг инжиқликларидан, идорабозларнинг машъум ўйинларидан, жоҳиллигидан, қўрқоқлигидан, жоҳил кимсаларнинг мудҳиш қилиқларидан, шубҳасиз устун турган Шеърият борасида, Шеърият Ҳуқуқи ва Абдулҳамид Чўлпоннинг оламшумул Улуғ Шоир экани хусусидадир.

Абдулҳамид Чўлпон шеърияти бутун ХХ аср қадриятларини ўзида мужассам қилди. Уни оламшумул мақомга олиб чиққан омил — шоирнинг чексиз эҳтиросли гуманизмидир. Бу дунёдаги Инсоннинг ҳасратлари, қувончлари Шоир ижодининг ўқ томирига айланди.

Турк Дунёсининг бирлиги, Улуғ Туркистон қайғуси, Инсонга муҳаббат, жавонмардлик, саховат Абдулҳамид Чўлпон шеъриятининг асос белгиларидир.

Бу фазилатларни ичкин илоҳий самимиятсиз ифода қилиб бўлмайди. Абдулҳамид Чўлпон самимияти — Дунё Инсонига бўлган меҳри, садоқатида ёрқин намоён бўлди.

Инсон ва Табиатнинг уйғунликдаги инъикоси Абдулҳамид Чўлпон ижодининг шуурли нуқталаридир. Шоир жуда узун шонли-саодатли, қонли-машаққатли йўлни босиб ўтди. Фақат ХХ аср одаминигина эмас, унинг ҳофизасидан, кўз ўнгидан минг йиллар важоҳати, талотумлари билан ҳайқириб кечдилар. Энди шоир бўлгуси замонларга қадам қўйди.

Шеърият Аллоҳ одамни ер учун яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан — Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон Ҳуқуқи — Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва Табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатнинг қора қуёши ёниб фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир — аммо, шеъриятнинг осмонига боқиб чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз.

Шеърият инсоннинг илкин нафасидир, поёнсиз нафаснинг моддийликка айланишидир, балки.

Миср,Бобил, Хитой,Ҳиндистон, Рум, Эрон, Оврупо, Америка сингари Турон-Туркистон-Турк Дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва беражакдир. Улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпон ўзбек руҳини куйлади. Зеро Ўзбек Руҳи ўлмасдир. Ўзбек Руҳи абадийдир. Ўзбек Руҳи — бутун Турк Дунёсининг меросидир.

Ўзбек миллати бу олтин мероснинг эгаси, бу мерос бутун жаҳон учун, бутун инсоният учун Аллоҳ инояти ила гўзал армуғондир. Ўзбек миллати — жаҳон сивилизасиясини бир поғона баланд кўтарган буюк миллатдир. Ўзбек бўлиб туғилган, ўзбек деган номни муқаддас билиб тану руҳида асраган инсон нақадар бахтли инсондир.

Бу шарафли туйғулар Абдулҳамид Чўлпон ижодиётида порлоқ ифодасини топди.

Абдулҳамид Чўлпонни титратган, қақшатган зулм эди. Зулм — ўзбекнинг энг сара гулларини юлиб отди. Ҳамзани ўлдириб, бу ўлим баҳонасида, биринчи ўзбек совет шоирининг қотиллари деб минглаб бегуноҳ мусулмонларни қириб ташлади, бутун давлатчилик иқтидорларини ишлатиб қўлга киритган Туркистон автоном жумҳуриятини ер билан яксон қилди, бу янги ўзбек ҳукуматининг аъзоларини қиличдан ўтказди. Масалан, 1917 йилдан 1947 йилгача фақат Русиянинг ўзида сталинизм қурбонларининг сони 67 миллион 533 мингга етди. Зулм — шоир юрагида қандай кечагани ёлғиз Аллоҳга аён.

Зулм — башариятнинг муқаддас бешикларидан бўлмиш улуғ Туркистонга бостириб кирди. Милён-милён гуноҳсиз инсонларимизнинг пок қонларини тўкди, илоҳий масжидларимизга кўппакларини боғлади, мезаналарига қўнғироқлар осди, боғларимизга «итларга ва сартларга кириш манъ этилади», деб ёзиб қўйди, жаҳоннинг кўрки бўлган обидаларга бомба ёғдирди, бир кечада минглаб ўзбекларни, эру хотин, болаларни, ҳомиладор аёлларнинг қорнидаги гўдаккача жаҳолат пичоғи билан сўйди, неки ҳалол бўлса борини харом қилди, нажосатга тўлдирди.

Бу аҳлоқсиз, маданиятсиз оломон, шайтанат бандалари менинг улуғ халқимни — ўзбек туркларини ҳар хил лақаблар, тамғалар, ёрлиқлар ёпиштириб келди. Лекин ўзбек туркларининг илоҳий Руҳини, қутлуғ тилини суғуриб ололмади. Шоирнинг ичидан нелар кечди экан, у қаро кунлар.

Зулм — бир миллатни (бошқа) бир миллат билан хундор душман қилишга эришди. Зулм учун инсон-инсонга дўст-биродар эмас, ўч олишга доим шай турган жаллод бўлиши керак эди. Эришди. Шоир солномачи эмас, у юзлаб бадиий қиёфалар яратолди.

Она-сайёрамиз шеърият каби поёнсиз. Инсониятнинг дарду қувончи Абдулҳамид Чўлпоннинг дарду қувончи бўлди. Шоир ўз Ватанига фарзанди ўлароқ ўз халқининг инон-ишончи, шодлиги, уқубатларини ўзида, сўзида ифода қилди, дунёвий аламкашлик уни жаҳон фуқаросига айлантирди.

Ўзбек маънавият осмонида бир Чўлпон юлдузи порлади, тобора ўзига жалб этди ва унинг овози бутун бир халқнинг ҳайқирган овози эди.

Абдулҳамид Чўлпон зулмга қарши, сталинизмга қарши, манқуртликка қарши озодлик учун, Шеърият Ҳуқуқи учун курашаётганларнинг сардорларидан биридир. Халқ шундай шоирини кўп замонлардан буён кутган эди. У келди ва кураш майдонига чиқди. Ҳақ ва Ҳақиқат йўлида қурбон бўлди. Бу ёруғ дунёда у ёлғиз эмас эди, унинг тенгдошлари, маслакдошлари, ўликдошлари жуда кўп эди, бу эски шайтанатда. Улар — юзлаб шоирлар милён-милён халқларнинг фарёдига айланган зулмга қарши — Инсон Ҳақлари учун Шеърият Ҳуқуқи учун ўртага чиққан Муқаддас Шеърият лашкари эди.

Абдулҳамид Чўлпон ёлғиз эмас эди. У улуғ жаҳон шоирларининг меҳр қароғида эди.

Абдулҳамид Чўлпон ХХ аср жаҳон шеърияти саройига мана шундай кириб келди ва бу салтанатда муносиб ўрнига ноил бўлди.

Абдулҳамид Чўлпон – ўзбек фарзанди, Турк Дунёсининг сўнмас юлдузи, улуғ жаҳоншумул шоирдир.

18.07.2001.