3D форматида янги инновация китоб маҳсулотлари нашрдан чиқарилди

IMG_20170222_0002

Китоб ва китобхонлик бугунги кунда республикамизда кенг тарғиб қилинмоқда. Президентимизнинг фармойишига асосан жойларда кенг тадбирлар, учрашувлар уюштирилмоқда. Чунончи, донолар айтганидай, китобдан яхши дўст бўлмас, у шундай садоқатли дўстки сени ҳеч қачон ташлаб кетмас. Ҳақ гап. Кишининг бадиий тафаккурини, ақл закосини фақат китобгина шакллантиради, юксакка кўтаради, комил инсон бўлиб тарбияланишига хизмат қилади. Қадимдан то бугунга қадар китоб ўқиш, ёзиш, ёдлаш, ундан хулоса чиқариб яшаш бани башарнинг ҳаётий қоидасига айланганини барчамиз яхши биламиз.

Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи “Augmehted reality COLAR” фирмаси билан ҳамкорликда 3 D форматида янги инновация китоб маҳсулотларини нашрдан чиқара бошлади. Аввало, бу китоб ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Мазкур китоб юқори технологиялар ёрдамида нашрдан чиққан. Унинг муқова ва расмларининг танланишиёқ китобхонларга хуш кайфият бахш этади. Шунингдек, бу китобнинг ўқилиши ҳам ғаройиб. Махсус дастур телефонда юкланиб олинади кейин коди билан ўқилади. Телефон орқали ўқилганда расмлар ҳаракатга келади.

Ушбу китобнинг уч тури мавжуд: “Ҳайвонат оламида”, “Бизнинг касбларимиз” ва “Севимли қаҳрамонлар”.

Инновацион технология билан танишиш учун сиз қуйидаги бешта оддий қадамни амалга оширишингиз зарур:

COLOR бўёқ китобини сотиб олиш;

Дастурни юклаб олиш;

Скретч-кодни фаоллаштириш;

Расмни эҳтиёткорлик билан контурлардан четга чиқмасдан бўяш;

Тасвир устига смартфон ёки планшетни олиб бориш.

Бола персонажни ҳар томондан томоша қилиши, у қандай гаплашаётганини эшитиши, қандай ҳаракатланаётганини кўриши, у билан бирга суратга тушиши ва фотосуратни шу ондаёқ дўстларига юбориши мумкин.

3D форматидаги бўёқ китоблар таълимга бўлган одатий муносабатни ўзгартиришга – уни интерактив ва максимал тарзда билим орттиришга хизмат қиладиган ҳолатга келтиришга қаратилган мутлақо янги маҳсулотдир. Монотон бўяш жараёни тезда зериктиради, аммо агар рангли персонажни жонлантира олишга ваъда қилсангиз, сизнинг тиниб тинчимас фарзандингиз бошлаган ишни ярим йўлда қолдириб кетиши амри маҳол.

Барчамиз биламизки, киши уни қизиқтираётган харидни амалга оширишдан олдин, маҳсулотни кўздан кечиради, унинг хусусиятларини, тавсифини ўрганади, фикр-мулоҳазаларини ўқиб чиқади ва уни амалда текшириб кўради. COLOR компанияси ва Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳам харидор ўз пули эвазига қўлга киритишни истаган нарсасига эришиши учун, харид олдидан амалга ошириладиган ушбу ҳаракатларни ҳисобга олган ҳолда, ўз сайтида жонли 3D бўёқ китобларининг синов версиясини жорий қилади.

Азиз китобхонлар ушбу китоб болажаонларингизга муносиб туҳфа, унитилмас совға бўлишига ишонамиз. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи сиз қадрдон китобхонларга бунданда яхши, сифатли, бадиий савияси юқори, чиройли кўринишга эга китоб маҳсулотларни тақдим этишда давом этади.