Видеселекторда юқори лавозимли амалдорлар истеъфога чиқарилди ва ҳайфсанлар берилди

1

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор ўта танқидий руҳда ўтган. Унда дунё иқтисодиётидаги беқарор вазият хусусида сўз юритилган.

«Шунинг учун жонни жабборга бериб ишланмаса, эртага кеч бўлади», деган президент.

Мажлисда деярли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви раҳбарлари огоҳлантириш олган, баъзи амалдорлар ишдан бўшатилган.

«Кун.uz» манбасининг маълум қилишича, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятов қўмита ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятидаги қониқарсиз натижалар туфайли, шунингдек, у Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 14 январдаги йиғилишида берилган топшириқларни бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун лавозимдан олинган.

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг Назорат бўлими бошқарувчиси Ғайбуллаев Ф.Х лавозимидан озод қилинган.

Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Х. Абдусаматовга ҳайфсан берилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Зокиров Б.И ва унинг биринчи ўринбосари Тўхтаев А.Р ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Собирович Қосимов ҳам ҳайфсан олган.