Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади

1

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қонунга 2017 йил 6 апрель куни имзо чекди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 17 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 2017 йил 28 мартда маъқулланган

Ушбу ўзгартишлар ва қўшимча Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.

Унга кўра, 1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қуйидаги ўзгартишлар ва қўшимча киритилди:

1) 80-модданинг 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш»;

2) 81-модданинг еттинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Судьялар олий кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилди;

3) 83-моддадаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар чиқариб ташланди;

4) 93-модда биринчи қисмининг 13 ва 14-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади;

14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди»;

5) 107-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат»;

6) 110-модданинг:

биринчи қисми «жиноий» деган сўздан кейин «иқтисодий» деган сўз билан тўлдирилди;

учинчи қисмидаги «Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар, шаҳарлар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг» деган сўзлар «қуйи судларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди;

7) 111-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«111-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади».

2-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судини ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини бирлаштириш, маъмурий ҳамда иқтисодий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалар 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилади.