Шавкат Мирзиёев Тошкентда йўлга қўйиладиган янги транспорт тури лойиҳаси билан танишди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрелда Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг янги тури – электричка қатновини йўлга қўйиш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда «Ахборот» кўрсатувида маълум қилинди.

Ушбу транспорт тури Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб қатновни амалга ошириши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 265 млн долларни ташкил қилади. Ушбу линиянинг икки йўналиши бўйлаб 10 та электричка (ҳар бир йўналишда 5 тадан) ҳаракатланади. Йўналиш давомийлиги тахминан 1 соатни ташкил қилади.

Ушбу транспорт турини йўлга қўйиш режаси ҳақида Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги сайловчилар билан сайловолди учрашувида илк бор маълум қилинган. Ўшанда лойиҳани амалга ошириш 2017-2030 йилларга мўлжаллангани маълум қилинганди.

Электричка ҳаракатланадиган йўл узунлиги 71,2 километрни ташкил қилади (икки йўналиш бўйича 140 км дан кўпроқ) ва у бўйлаб 26 та станция барпо этилади.

Маълум қилинишича, электричка линияси автобус йўналишлари, метро станциялари ва бошқа транспорт турлари билан қулай боғланади. Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибаси ҳисобга олинган.