Китобхонликка тарғибот оиладан бошланади

13993812071

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳудуддаги барча умумтаълим мактабларида китоб акциялари, китобхонлик тарғиботига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўрта Чирчиқ туманидаги 72-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтган шундай тадбирда ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш, мактаблар кутубхонаси китоб фондини янги адабиётлар ва зарур қўлланмалар билан мунтазам бойитиб бориш, ўқувчилар ва ижодкорлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

– Бугунги глобаллашув даври, ахборот асри ўқувчиларда китоб ўқишга қизиқишни янада ошириш учун тарғиботнинг замонга ҳамоҳанг, давлат таълим стандартларига мос янги усулларидан фойдаланишни тақозо қилмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Мирзаев. – Бу жараёнда ота-оналар, маҳалла фаоллари ва таълим муассасалари ҳамкорлиги катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, бу каби тадбирларда китоб мутолааси тарғиботида ота-оналарнинг иштирокига кўпроқ эътибор қилинаётир. Вилоятда ўтказилган “Оммавий китобхонлик ҳафталиги” доирасида ташкил этилган турли лойиҳаларда ҳам нафақат ўқувчилар, балки маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар иштирок этди. ZiyoNET интернет тармоғи, электрон шаклдаги китоблар, барча туман ва шаҳарларда ташкил этилган ахборот-ресурс марказлари фаолияти ҳақида кўпроқ маълумот берилди.

Ўқувчида китобга меҳр, мутолаага иштиёқни оширишда мактаб кутубхонасининг аҳамияти катта. Мазкур ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида 1 минг 40 дан ортиқ ўқувчи замонавий шароитларда таълим-тарбия олаётган бўлса, уларнинг қарийб барчаси 9 минг 200 дан зиёд китоб фондига эга муассаса кутубхонасига аъзо.

– Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар китобхон ўқувчиларимиз сафи янада кенгайишига хизмат қилади, – дейди 72-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби кутубхоначиси Ш.Нажимова. – Китобхон оилалар вакиллари ўз уйларида ташкил қилган шахсий кутубхоналари ҳақида сўзлаб бермоқда. Бу борада энг намунали, деб топилган оилалар тажрибаси тарғиб этилмоқда. Ҳар ойнинг иккинчи ҳафтасида ота-оналар учун “Фарзандимга китоб совға қилдим” акцияси ўтказилмоқда. Ота-оналар туғилган кун ёки турли байрамларда фарзандларига китоб совға қилмоқда. Бу мактабимизда тобора яхши анъанага айланаётгани қувонарлидир.

Ўқувчилар ижросидаги китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини тарғиб этувчи саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.