САККИЗ НОМДА САККИЗ КИТОБ

41

Китобхонларга сифатли, сависи баланд китобларни чоп этиш Ғафур Ғулом нашриётининг бош мақсадидир. Бир замонлар журналларда чоп этилган асарларни ўша нашр номи билан, масалан, “Шарқ юлдузи” кутубхонаси рукни остида нашр этилар эди. Ўша анъанани Ғафур Ғулом нашриёти яна йўлга қўйди. Журналларда, газеталарда чоп этилган энг сара асарларни тўплаб китоб ҳолига келтириб, нашрдан чиқарди.

“Китоб дунёси” газетаси кутубхонасида жаҳон адабиёти ҳикояларидан таркиб топган “Очиқ деразалар”, “Юракнинг бир парчаси”, “Жаҳон адабиёти” журнали кутубхонасида Габриэль Гарсия МАРКЕСнинг “Бузрукнинг кузи”, Кнут Ҳамсун “Очлик” романлари, “Шарқ юлдузи” журнали кутубхонасида Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Дарё”, Кенгесбой Каримовнинг “Улуғ дашт бўрилари”, “Ёшлик” журнали кутубхонасида жаҳон адабиёти ҳикояларидан тузилган “Оқ сукунат” ва Али Ниёзнинг “Тақдир қўнғироғи” номли қиссалари ўрин олган жами саккиз номда саккизта китоб босмадан чиқди.

Кейинги пайтларда турфа номаларда, турфа китоблар чоп этилаётир. Бу албатта қувонарли ҳолат. Китоб қанча кўп бўлса, ўқувчилар танлаш имконияти шунча яхшиланади. Лекин, таассуфки, олди-қочди китоблар ҳам кишини бироз ташвишга солади. Эндигина ўқишни бошлаган ўқувчига кимдир, қанақа китобни ўқишни тавсия қилмаса чалғиб қолиши бор гап. Шу ва шунга ўхшаш бир қанча мулоҳазаларни ўйлаб ижодий уйимиз фақат маънавиятни юксалтиришга хизмат қиладаиган, ҳаёт, ота-она, дўстлик, Ватан ҳақида, умуман тоза туйғуларни тараннум этгувчи китоблар чоп этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мазкур саккиз номдан иборат китоб ҳам ўша улуғ ишларнинг илк қадамларидир. Ушбу серия яна давом этади.

Хулоса ўрнида айтмоқчимизки, ҳар ким ўз соҳаси билан жамиятга, халққа хизмат қилади. Ушбу китоблар ҳам аввало, ўқувчиларга, қолаверса манавиятимизга муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонамиз…