БЕБАҲО БОЙЛИК

222

Халқимиз қадим-қадимдан ўзининг маърифатпарварлиги, илму фанга чанқоқлиги, китобсеварлиги билан танилган. Яқин тарихгача юртимизнинг бир йирик шаҳрида ўнлаб, балки юзлаб мадрасалар, мактабхонаю кутубхоналар фаолият кўрсатган, турли ўлкалардан келган минглаб толиби илмлар кўплаб илмларни пухта эгаллаганлар. Ҳозирда мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган олтинга тенг, балки бебаҳо асарлар, минглаб қўлёзмалар халқимизнинг илмга бўлган эътиборининг ёрқин далилидир.

Сир эмаски, юртимиз ҳар томонлама ижобий ўзгаришлар, янгиланиш, туб ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. Моддий-иқтисодий ривожланиш билан бир қаторда манънавий тараққиёт, илмий-маърифий юксалиш ҳукм сурмоқда. Улуғ аждодларимиз маънавий меросини яна-да чуқурроқ ўрганиш, тадқиқ этиш, ёш авлод ва умуман, бутун халқимизга яқиндан таништириш борасида катта чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳим номлари билан илмий мактаблар очиш ҳақидаги қарори халқимизнинг қалбида миннатдорлик туйғуларини жўштириб юборди.

Мана шундай кўтаринки кайфият яна бир янгилик билан чандон зиёда бўлди. Жорий йилнинг июнь ойида академик Неъматуллоҳ Иброҳимов таҳрири остида 100000 дан ортиқ сўз ва иборани ўз ичига олган, оригинал манбалар асосида тузилган, “ал-Қомус” номли тўрт жилдли янги арабча-ўзбекча қомусий луғатнинг биринчи жилди нашрдан чиқди.

Ал-Қомус луғати араб тилининг чуқур билимдонлари, кўплаб асарлар ва таржималар муаллифлари, халқаро мукофотлар совриндорлари бўлган етук мутахассислар томонидан беш йил давомида тузилган. Улар ушбу луғатни тузишда 30 дан ортиқ асл манба ва адабиётлар ҳамда кўплаб тадқиқотлар, энциклопедиялар, бадиий асарлар ва даврий нашрлардан фойдаланганлар. Луғатни тузишда муаллифлар араб тилидаги асл манбалар билан бир қаторда арабча-инглизча, арабча-французча, арабча-русча, арабча-туркча, арабча-форсча каби турли тиллардаги таржима луғатлари, қатор араб шеваларининг махсус луғатлари, информатика, медицина, ботаника, зоология, табиатшунослик, меъморчилик каби кўплаб фан соҳаларига оид атамалар луғатларидан унумли фойдаланганлар. Ал-Қомус луғатида ундан фойдаланишни янада қулайлаштириш мақсадида бир қатор янгича услубларга мурожаат этилган. Жумладан, ҳар бир ўзак алоҳида қаторда кўзга кўринадиган шаклда берилган. Ҳар бир мустақил сўз алоҳида қатордан жой олган. Кўп маъноли сўзларнинг деярли ҳар бир маъноси аниқ тушунилиши учун асл арабча жумлалардан мисоллар, матал ва мақоллар ҳамда турғун иборалар берилган.

Луғатнинг ўлчами, ёзув шакли ва ҳажми ҳам ҳар қандай фойдаланувчи учун жуда қулай кўринишда расмийлаштирилган. Ундан кўзи ўткир ёш толиби илмлар қатори ўрта ёшли тадқиқотчилару кекса олимлар ҳам бемалол фойланишлари мумкин. Луғатнинг биринчи жилдидан араб алифбосининг еттита ҳарфи ўрин олган. Китобнинг ён томонида ҳар бир ҳарф жойлашган саҳифаларни осонликча топишга ёрдам берувчи тўқ рангли белги қўйилган. Бунга ҳам луғатчилик борасида юртимизда йўлга қўйилган янгилик деб қараш мумкин.

Ал-Қомуснинг қолган жилдлари ҳам нашр арафасида. Уларнинг ҳам тез орада нашрдан чиқиб, толиби илмлару тадқиқотчи-олимлар ҳамда араб тили ихлосмандлари қўлига тезроқ етиб боришига ҳаракат қилмоқдамиз.

Санжар ТУРСУНОВ