ИККИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Бугунги кунда юртимизда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар, янгиланиш, моддий-иқтисодий ривожланиш билан бир қаторда маънавий тараққиёт, илмий-маърифий соҳада ҳам катта юксалишлар кўзга ташланмоқда. Улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини чуқурроқ ўрганиш, тадқиқ этиш, уларни китоб ҳолида ёш авлодга, китобхон халқимизга яқиндан таништириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Академик Неъматуллоҳ Иброҳимов таҳрири остида оригинал манбалар асосида тузилган, ўзбек китобат тарихида биринчи марта нашрга тайёрланган, тўрт жилддан иборат “Ал-Қомус” арабча-ўзбекча қомусий луғатининг 1-жилди ҳамда Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғот-и-турк” китоби нашрдан чиқди.

Маълумки, сомий тиллар оиласига кирувчи араб тили дунёнинг энг қадимги тилларидан бўлиши билан бирга ўзининг бойлиги,  кенгқамровлиги, назокат ва латофати ила эътирофга сазовор бўлган. Юксак маҳорат намунаси бўлган классик назму насри, мазкур тилда ёзилган тарихий, адабий, фалсафий манбалар ва энг асосийси, Қуръони Карим ва Ҳадиси шариф тили бўлгани эса, араб тилининг қийматини чандон оширди. Албатта, ҳар қандай тилни луғатларсиз ўрганиш тасаввур қиларли иш эмас. “Ал-Қомус” худди шундай луғатлар сирасига киради. Унинг ўлчами, ёзув шакли ва ҳажми ҳар қандай фойдаланувчи учун жуда қулай кўринишда, ундан ёш толиби илмлар қатори ўрта ёшли тадқиқотчилару кекса олимлар ҳам бемалол фойланишлари мумкин. Луғатнинг биринчи жилдидан араб алифбосининг еттита ҳарфи ўрин олган. Китобнинг ён томонида ҳар бир ҳарф жойлашган саҳифаларни осонликча топишга ёрдам берувчи тўқ рангли белги қўйилган. Бунга ҳам луғатчилик борасида юртимизда эришилган янгилик деб қараш мумкин.

XI асрда яшаб ижод этган улуғ тилшунос Маҳмуд Кошғарий қаламига мансуб “Девону луғати-т-турк” (“Туркий сўзлар девони”) асари ҳам туркий тилшуносликнинг тенги йўқ улуғ ёдгорлиги ҳисобланади ва у ўз замонида арабларга, қолаверса, араб тили орқали Шарқу Ғарб халқларига қадимги туркларнинг тили, маданияти, тарихи тўғрисида тўлиқ маълумот берувчи қомусий китоб сифатида яратилган. Асар туркий лексикография илмининг тамал тошини қўйиш билан бирга, бу соҳани юқори босқичга олиб чиққан ва туркий тилшунослик ривожига эмас, Шарқ тилшунослиги, хусусан, луғатшунослигига катта ҳисса бўлиб қўшилган.

Китоб икки – муқаддима ва луғат қисмларидан тузилган. Муқаддимада китобнинг яратилиш сабаби, ўша замонда турклар ишлатган ёзув, луғатнинг тузилиш принциплари, туркий қавмларнинг баёни, жойлашув ўрни, туркий тилнинг хусусиятлари, лаҳжалардаги фарқлар тўғрисида сўз юритилади.

Луғат қисми саккиз бўлимдан иборат. Бўлимларнинг ҳар бири китоб деб аталади.

Ўзбек илмидагина эмас, дунё туркшунослигида ҳам кенг эътироф этилган “Девону луҳати-т-турк”нинг ўзбекча таржимаси 1960 йилда нашр этилган бўлса, мазкур китоб қарийб олтмиш йилдан кейинги янги нашр ҳисобланади, уни тайёрлашда асарнинг илк қўлёзмасига таянилган. Сўнгги йилларда туркологияда юзага келган ўзгаришлар, янгича қарашлар инобатга олиниб, асарнинг аввалги нашрида йўл қўйилган камчилигу хатолар тузатилган, тушиб қолган ўринлар тикланган.

20 июн куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида дин уламолари, адабиётшунослар, устозлар, ОАВ ва телеивидене ходимлари иштирокида китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Ижодий уй директори очиб бу икки китобнинг маънавиятимизда тутган ўрни ҳақида гапирди. Ўзбекстон Мусулмонлар идораси Раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Шах Абдулазиз Мансур, Анвар қори Турсунов, академик Неъматуллоҳ Иброҳимов, Ўзбекистон Фанлар академияси вецепрезиденти Баҳром Абдуҳалимов, шоир Мирзо Кенжабек ва бошқалар китобнинг бебаҳолиги, умуман, катта бир ходиса бўлганлиги ҳақида атрофлича гапиришди.

Шунингдек, Саудия Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, саудия Арабистони Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ҳам китоб ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Тадбир қизғин суҳбат руҳида ўтди.