Маънавий бойлик

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррир ўринбосари, таниқли ёзувчи Собир Ўнар билан суҳбат

 

– Миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш зарурати кучайган глобаллашув шароитида китобга муносабат ҳам ўзгаргани сир эмас. Интернет тармоғи кўпчиликни, айниқса, ёшларни кўпроқ жалб этаётгани ҳам бор гап. Шундай бир шароитда китоб, ноширлик, китобхонлик ишлари қадриятларимиз билан боғлиқ долзарб вазифаларга айланаётир. Шундай эмасми?

– Албатта, бусиз мумкин эмас. Нафақат китоб нашри ва тарғиботини кучайтириш, шунингдек, бу соҳанинг ривожини ошириш ҳам талаб этилади. Тўғри, интернетдан тезкор маълумот оласан, қизиққан бошқа саволларингга жавоб ҳам топасан, ҳатто ўзинг ўқимоқчи бўлган йирик жанрдаги асарнинг қисқа мазмуни жойлашган сайтларга ҳам кирасан. Бироқ, айтинг-чи, шу сайтлардан Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини, Михаил Шолоховнинг “Тинч Дон” эпопеясини, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларини ўқиб, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб бўладими?

Назаримда, бугунги кунда нашриётлар фаолияти янада жадаллашган. 2011 йилда Ғафур Ғулом нашриёти томонидан чоп этилган Алишер Навоийнинг ўн жилдли тўла асарлар тўплами аллақачон сотилиб кетди. Ушбу тўплам қайта нашрга тайёрланаётганидан хабарингиз бордир. “Янги аср авлоди” нашриёти “Уруш ва тинчлик”нинг ҳар икки китобини чоп этди. Бундан ташқари, бизнинг нашриётимизда “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” туркумидан юз жилдли фольклор асарлари нашрга тайёрланиб, ҳозиргача уларнинг тўққизтаси босмадан чиқди.

Қолаверса, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Улуғбек хазинаси”, “Шум бола”, “Чинор”, “Кеча ва кундуз”, “Авлодлар довони” каби атоқли адибларимиз қаламидан чиққан асарлар ҳар йили қайта нашр қилинади. Шунга қарамай, йилнинг иккинчи ярмига келиб айнан шу асарларга қайта буюртмалар келиб тушди. Бу саъй-ҳаракатлар ноширлик ишларининг жадал тус олаётгани, нашрлар салмоғи ҳам ортиб бораётганини далиллайди.

Хўш, бу нимани кўрсатади? Биз ўзимизча китоб ўқиш сусайиб кетганидан, айниқса, ёшларнинг енгил-елпи машғулотларга қизиқиши ортиб бораётганидан хавотирга тушамиз. Ҳолбуки, мутолаа биз хавотирланганимиздек сусайиб кетганида юқоридаги асарлар тез сотилиб кетмаган бўларди. Шунинг ўзи ҳам халқимиз учун китоб доимий ҳамроҳ, маънавий бойлик саналишини тасдиқлаб турибди.

– Бугун китоб дўконлари пештахталарида йирик нашриётлар маҳсулотлари қатори кўпгина хусусий нашриётларда тайёрланган ўзига яраша “бозорбоп” китобларга ҳам кўзимиз тушади. Моддий жиҳатдан тез манфаат кўриш илинжида енгил-елпи асарлар ҳам чоп этилмоқда. Бундай китоблар чиқараётган ноширлар уялиб қоладиган кунлар келмадимикан?..

– Ҳар йили май ойининг охирида Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғида ўтказиладиган “Китоб байрами” кўргазмасига, билишимча, мамлакатимиздаги аксарият хусусий нашриётлар маҳсулотларини намойиш қилиш учун таклиф этилади. Кўп бўлмаса ҳам, ҳар қалай, хусусий нашриётларнинг маҳсулотлари ҳам кўрсатилади. “Академнашр”га ўхшаган ўз ишига пишиқ нашриётлар кўп эмас, албатта. Афсуски, сифатга беэътибор, “Мендан кетгунча – эгасига етгунча” қабилида иш юритадиган таваккалчи шоввозлар ҳам оз эмас. Бу қусурлар вақти-соати билан ўз-ўзидан барҳам топиб кетади.

– Ҳар бир асарнинг сайқал топиб, ўқувчилар қўлига етиб боришида муҳаррирларнинг хизмати катта. Кейинги пайтларда нашриётларда моҳир муҳаррирлар танқислиги сезилмоқда. Бундай муаммога дуч келмаслик учун сиз ишлаётган нашриётда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Афсуски, бирор-бир ўқув даргоҳида муҳаррирлар тайёрланмайди. Сирасини айтганда, биз ҳам университетни битиргач таҳририятларга ишга кириб, таҳрир нима, муҳаррирнинг зиммасидаги масъулият нимадан иборатлигини билишга, ўрганишга киришганмиз. Зеро, таҳририятларда қўлёзмаларга талабчанлик билан ёндашилади, узоқ, батафсил, қунт билан муҳокама қилинади… Шубҳасиз, ҳар доим истеъдод ва билим, ҳафсала, хотира муҳаррирга қўл келган. Нўноқлар, уқувсизлар аввал ҳам бор эди, бугун ҳам йўқ эмас. Нашриётимиз бу борада ўзининг бой тажрибаларига таяниб иш кўраётгани мени қувонтиради.

Биласиз, Ғафур Ғулом нашриёти мамлакатимиздаги энг йирик ижодий ташкилотлардан бири. Атоқли шоирлар, адибларнинг сара асарлари, аслиятдан таржималар ҳам дастлаб шу нашриётда босилган. Ўз ишининг устаси бўлган муҳаррирлар, адиблар ҳамда чоп этилган асарларни бирма-бир санасак, рўйхат чўзилиб кетади.

Ҳозирги пайтда нашриёт-матбаа ижодий уйининг иқтисодий салоҳияти ошган. Гап шундаки, айни чоғда ижодий уйнинг нашр бўлимида етарли даражада ижодий куч, салоҳиятли жамоа жам бўлган. Яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли мумтоз, фольклор, таржима, болалар адабиёти, назм, наср, драматургия йўналишларида яратилган асарларни нашрга тайёрлайдиган тажрибали муҳаррирлар тўпланган. Ижодий кучга тўлган бу мутахассислар жамоаси кўп ва миқёсли ишларни амалга ошириши мумкин. Истиқболдаги режамиз ҳам нашриётимиз нуфузи ва ноширлик бозоридаги муқим ўрнини янада юксалтиришдан иборатдир.

– Албатта, бугунги ижодий жараёнда ёшларнинг ҳам овози баралла эшитилмоқда…

– Адабиётда авлод кетидан янги, ёш авлод келиши табиий жараён. Бугунги кунда адабиёт майдонида янги номлар – истеъдодли шоир, ёзувчи, адабиётшунос ёки таржимонларнинг пайдо бўлаётгани қувонарли ҳол. Уларнинг изланишлари катта умид уйғотмоқда. Табиийки, уларнинг фикр-қараши янгича, дунёга навқирон нигоҳ билан назар ташлайдилар.

Улар нашриётларда, газета-журнал таҳририятларида, телевидение-радиода ижод қилишяпти, олий ўқув юртларида таҳсил олишяпти. Уларнинг ижод майдонига янгроқ овоз билан кириб келаётгани адабиётимиз салоҳиятини, обрў-эътиборини юксалтиришга ишонч уйғотади.

– Жорий йилда нашриёт қандай китоблар билан ўқувчиларни хушнуд этмоқчи?

– Нашриётимиз мумтоз адабиётимиз кутубхонасини илгаридан дурдона асарлар билан бойитиб келган. Нашриётнинг 2016 йилги режасига қарийб йигирма хил мавзу ҳамда йўналишни ўз ичига олган 250 номдаги китоблар киритилган. Уларнинг деярли ярми ўқувчилар қўлига етиб улгурди.

Улар орасида улуғ бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Хамса”сидан Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк” асаригача, шунингдек, бугунги ҳаётимиздан, тарихимиздан ҳикоя қилувчи насрий ва назмий асарлар, янги таржима китоблар ҳам бор.

– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Санжар ТУРСУНОВ суҳбатлашди.

 

“ЎзАС”дан олинди.