Фарзандларимга ўгитлар

(“Дафтар ҳошиясидаги битиклар”дан) 

Учрашувларда бир саволни кўп беришади:

“Ўзингиз учун энг қи

мматли асар қайси?”

Кўпинча ярим ҳазил билан жавоб қиламан:

“Менинг иккита энг қимматли асарим бор: бири – ўғлим, бири – қизим!”

Сенлар ва набираларим менга Худо берган энг бебаҳо бойликсизлар… Шу боис, диққат билан эшитинглар!

 

***

Бир нарсани орзу қиламан.

Бу дунёда мен қилган яхши ишлардан ақалли битта кўпроқ яхшилик қилсанг…

Бу дунёда мен қилган ха

толардан ақалли битта камроқ хато қилсанг…

 

***

Қуш бўлиб осмонда учма.

Тошбақа бўлиб, ерда судралма.

Дарахт бўл! Бошинг – осмонда, оёғинг ерда бўлсин!

 

***

Шижоатли бўл. Бироқ

андишасиз бўлма.

Андишали бўл. Бироқ шижоатсиз бўлма.

 

***

Ёмон билан ўчакишма. Эсли одам оёғига ёпишган ахлатни қўли билан тозаламайди.

 

***

Аёлни кафтингда кўтар, аммо бошингга чиқарма!

 

***

Нодонлар даврасида кар бўл.

Донолар даврасида соқов бўл

 

***

“Ошсиз уй бор, уришсиз уй

йўқ”, дейдилар. Оилангда жанжал чиқса, энг аввало, фарзандларингни ўйлаб иш қил!

 

***

Ҳеч кимга ёмонлик соғинма, ҳатто душманингга ҳам ёмонлик тиласанг, бир чеккаси ўзингга қайтиб келади. Негаки, олам бус-бутундир.

 

***

Аёл – гул. Эркак – боғбон. Сен гулни хор қилсанг, уни ўзга боғбон сийпалайди…

Эркак – боғбон. Аёл – гул. Сен боғбонга тикан санчсанг, у ўзга гулни сийпалайди… Икки ўртада сенинг меванг етим қолади. Худо шундан асрасин!

 

***

Менга юз марта озор берсанг, кечиришим мумкин. Онангга бир марта озор берсанг, кечирмайман: онанг сенга мендан кўра юз ҳисса кўп меҳр берган!

 

***

Нонингни йўқотсанг йўқот, номингни йўқотма!

 

***

Ғурурли бўл, аммо димоғдо

р бўлма.

Камтарин бўл, аммо хокисор бўлма…

 

***

Ўз ота-онасига меҳр бермаг

анларнинг ўз боласидан меҳр кўрганини эшитганим йўқ. “Қайтар дунё” деганлари шу…

 

***

Ота меҳри она меҳридан камроқ эмас, фақат “яширинроқ” бўлади.

 

***

Фарзандларим! Мен бу ўгитларни ёза бошлаганимда сенлар ёш бола эдинг. Худога шукр, мана, вояга етдиларинг, оила қуриб, фарзандлар кўрдиларинг. Шу кунгача сенларнинг ортингдан “Фалончининг боласи фалондақа номаъқулчилик қилибди”, деган таъна-маломат эшитганим йўқ. Илоё, бундан буён ҳам шундай бўлсин. Бир бурда нонини ҳалоллаб ейдиган, виждонли, имонли инсонлар б

ўлиб етишганларинг учун Яратганга шукроналар қиламан! Менга нима эзгу амаллар қилган бўлсанг, сенларга ҳам набираларимдан қайтсин! Мен сенлар билан фахрланаман!

 

Ўткир Ҳошимов

saviya.uz  сайтидан олинди.