Ўзбек адиблари

АБДУЛЛА АВЛОНИЙ

(1878-1934)

 

ХХ аср ўзбек миллий маърифатпарварлиги йўналишининг атоқли намояндаси, истеъдодли шоир ва драматург, педагог, жамоат арбоби Абдулла Авлоний 1878 йил 12 июлда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида, ҳунарманд оиласида дунёга келган. У ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: “12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқий бошладим. 13 ёшимдан ёз кунлари мардикор ишлаб, оиламга ёрдам қилиб, қиш кунлари ўқир эдим. 14 ёшимдан ўша замонга мувофиқ ҳар хил мавзуда шеърлар ёза бошладим. Бу замонларда “Таржимон” газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим”. Авлоний мадрасани битириб, мактабдорлик билан шуғулланди. Ўқиш ва ўқитиш усулига ислоҳ киритиб, янги усулдаги мактаб ташкил этди. Туркистонда биринчилардан бўлиб мактаб ўқув дастурларига география, кимё, ҳандаса, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатди, таълимни реал турмуш билан боғлашга интилди, бир дарс билан бошқаси ўртасида муайян танаффусни, бир синфдан иккинчисига ўтишдаги имтиҳонни жорий этди, таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиришга алоҳида эътибор берди.

Авлоний 1904 йилда Тошкентнинг Миробод маҳалласида жадид мактабини, 1909 йилда «Жамияти хайрия» уюшмасини ташкил этади. Мактаб ўқувчилари учун “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим” (1912), “Тарих”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” (1913) каби замонаси учун муҳим маънавий ҳодиса бўлган дарсликлар яратди.

1895 йилдан ижтимоий фаолияти бошланган Авлоний “Қобил”, “Шуҳрат”, “Ҳижрон”, “Авлоний”, “Сурайё”, “Абдулфайз”, “Индамас” тахаллуслари билан шеър, ҳикоя, фелъетон ва кичик ҳажмли драматик асарлар яратди. Шоир ўз асарларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни танқид қилади ва кишиларни билимга, маърифатга чақиради. Тошкентда “Шуҳрат”, “Осиё” каби газеталарни ташкил этади. 1913 йили “Турон” театр труппасига асос солди ва мазкур труппа учун “Адвокатлик осонми?”, “Икки муҳаббат”, “Тўй”, “Съезд”, “Лайли ва Мажнун”, “Ўликлар” каби драматик асарлар ёзиб беради. Бу асарларида у жаҳолат, бидъат, билимсизлик оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларни фош этади. Айни чоқда у қардош драматургларнинг пьесаларини ўзбек тилига таржима қилди.

Абдулла Авлоний шеърларида эса, улар бидъату хурофотга қарши қаратилган бўладими, муҳаббат ёки мактаб-маориф мавзусидами, ҳамма-ҳаммасида инсон, унинг ахлоқий гўзаллиги ва маънавий бойлиги куйланади. Жумладан, “Ўз мамлакатимизда” шеърида маишат учун пул-бойликни аямаган, аммо бола тарбияси учун сариқ чақани ҳам раво кўрмайдиган кимсаларни “Илм учун пулни кўзлари қиймас”, деб қоралайди. Ёки “Мактаб” шеърида:

Мактаб мисни тилло қилур,

Мактаб сизни мулло қилур,

Ғайрат қилиб ўқинг ўғлон, –

дейди шоир ва инсонни зулм, ноҳақлик, адолатсизликдан халос этувчи нажот йўли, бу маърифат, мактаб эканлигини таъкидлайди. Айниқса, унинг “Адабиёт” (1915) китоби бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Шунингдек, Абдулла Авлоний Афғонистонда элчи сифатида самарали фаолият юритган жамоат арбоби ҳамдир. У 1934 йил 24 августда Тошкентда вафот этди. Истиқлол йилларида Авлоний ижоди бўйича олимларимиз (жумладан, профессор Бегали Қосимов) томонидан кенг тадқиқ этилиб, асарлари чоп этилди. Шоир Муҳаммад Али  ўзининг “Боқий дунё”(1979) шеърий романида Абдулла Авлонийни асар қаҳрамонларидан бири сифатида тасвирлаган эди.