Ўзбек адиблари

САДРИДДИН АЙНИЙ

(1878-1954)

 

ХХ аср ўзбек ва тожик адабиёти тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, олим ва жамоат арбоби Садриддин Саидмуродзода Айний 1878 йилнинг 15 апрелида Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги Соктаре қишлоғида дунёга келган. Олти ёшидан мактабга қатнай бошлаган Садриддин 1890 йилда Бухорога келиб Мир Араб, Бадалбек, Олимхон, Ҳожи Зоҳид, Кўкалдош мадрасаларида таҳсил олади. янги усул мактабларида муаллимлик қилади.

Бухоролик улкан маърифатпарвар Аҳмад Дониш ҳамда кўплаб маърифатпарварлар асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. Мадраса таҳсили тугагач, Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, халқни илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Таҳсиб ус-сиёбон» – «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади.

Садриддин Айний зуллисонайн ижодкор бўлиб октябрь тўнтаришидан кейин ўзбек ва тожик тилларида даъваткор шеърлар, маршлар яратади, уларни “Инқилоб учқунлари” (1923) тўпламида нашр этади.

Ёзувчи “Бухоро жаллодлари” (1922) қиссасида амир амалдорларининг даҳшатли жабр-зулмини, гуноҳсиз кишиларнинг қатл этилишлари, “Одина” (1927) қиссасида эса меҳнаткаш халқнинг оғир қисмати ва фожиали ҳаётини жонли тасвирлаб берди.

С.Айнийнинг дастлабки “Дохунда” романи 1929-1930 йилларда яратилган. Унда маърифатга интилган ёш йигитнинг ҳаёт йўли умумлаштирилган. Кейинги “Қуллар” романи 1934 йилда Тошкентда ўзбек тилида, 1935 йилда эса Душанбеда тожик тилида нашр қилинди.

“Судхўрнинг ўлими” (1937) қиссасининг бош қаҳрамони Қори Ишкамба жаҳон адабиётидаги Плюшкин ва Гобсек каби мумтоз образлар билан бир қаторда туради. Иккинчи жаҳон уруши йилларида С.Айний “Марши интиқом”, “Муқанна қўзғолони”, “Темур Малик” каби ватанпарварлик руҳидаги илмий ва бадиий асарларини яратди. У халқ ижодидан, фольклор асарларидан кенг фойдаланган ҳолда “Етти бошли дев” асарини ёзди. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил» (1924), «Машраб бобо», «Е, тўним» (1925), «Билганим йўқ», «Кенгаш» (1926) каби ўзбекча фелетонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» (1939) ҳажвий қиссаси ёзувчининг моҳир сатирик ҳам эканлигини кўрсатади.
С.Айнийнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда яратган асарлари орасида тўрт жилдлик “Эсдаликлар”и (1949-1954) алоҳида ажралиб туради. “Эсдаликлар”, “Судхўрнинг ўлими” қиссалари, шунингдек, “Дохунда” ва “Қуллар” романлари болгар, немис, поляк, венгер, хитой, француз, румин, ҳинд, чех ва бошқа тилларга таржима қилинган. С.Айний зукко олим, тарихчи ва адабиётшунос сифатида ўзбек ва тожик адабиёти тарихи борасида салмоқли илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг Ўрта Осиёлик буюк шоир, олим ва мутафаккирлар – Рудакий, Саъдий, Ибн Сино, Васфий, Бедил, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби сиймолар ҳақида ёзган илмий асарлари ниҳоятда қимматли. Ана шундай салмоқли тадқиқотлари учун унга филология фанлари доктори илмий даражаси берилган.

Адиб Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси, Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Бир неча йиллар Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат дорилфунунининг профессори, Тожикистон Фанлар академияси ташкил топган кундан бошлаб унинг президенти сифатида хизмат қилган.

Садриддин Айний 1954 йилнинг 15 июлида Душанбе шаҳрида вафот этди. Вафотидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистондаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасаларига Садриддин Айний номи берилди. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилди. Ватан ва халқ олдидаги унутилмас хизматлари инобатга олиниб, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.