Қаҳрамондан баланд ижодкор

Инсон кўнглидаги кечинмалар инъикоси бўлган бадиий асарнинг, манба моҳиятига мос равишда, турли-туман шаклу шамойилларда намоён бўлиши табиийдир. Адабиётшунослик илмида насрий жанрларнинг энг кичиги саналадиган ҳикоя жанрига қўйиладиган талаблар шаклланган бўлса-да, адабий жараёнда ҳар доим ҳам бундай қоидаларга риоя этилади, дейиш қийин. Масалан, “Адабиётшунослик луғати”да ҳикояга шундай таъриф берилади: “Ҳикоя – эпик турнинг кичик жанри. Ҳикоя, одатда, қаҳрамон ҳаётидан битта (баъзан бир-бирига узвий боғлиқ, қисқа муддат давомида кечган бир неча) воқеани қаламга олади. Тасвирланаётган воқеаларнинг қисқа вақт давомида кечиши ҳикоянинг ҳажман кичик, сюжети содда, иштирок этувчи персонажлар сони кам бўлишини тақозо этади. Ҳар қандай воқеа ҳам ҳикоябоп эмас. Ҳикоя асосида ётган воқеанинг яхлит, тугал бўлиши талаб этилади, бунинг учун у ўзининг бошланиши ва якунига эга бўлиши (масал, латифадаги каби) лозим. Яхлит воқеани тасвирлаш асносида ҳикоянавис ё шу воқеанинг, ё унинг воситасида характернинг моҳиятини очиб беради” (Қуронов Д. ва б. Адабиётшунослик луғати. – Тошкент: “Академнашр”, 2010.393–394-бетлар). Таниқли ҳикоянавис Шукур Холмирзаев ижодини кузатсак, унинг кўпгина ҳикоялари, айниқса, ўтган асрнинг 90-йилларида битган асарлари юқоридаги таърифга “сиғмаслиги” аёнлашади. Бошқача айтганда, адиб адабий жанрларга анча эркин муносабатда бўлади, уларнинг чегарасини нисбий қабул қилади.

Ёзувчи бошқа жанрларда ҳам самарали ижод қилган бўлса-да, асосан, ҳикоянавис сифатида довруқ қозонди. Шукур Холмирзаевнинг ҳикоянавис саналишига унинг жаҳон ҳикоячилигини чуқур ўзлаштиргани, ҳикоя табиати борасида асосли тўхтамларга келгани ва ўз ижодида бу назарий асослардан ўринли фойдалангани ҳам сабабдир. Зотан, адиб дунёнинг етук ҳикоянавислари Жек Лондон, Робиндранат Тҳакур, Антон Чехов, Эрнест Хемингуэй, Абдулла Қаҳҳор ва бошқаларнинг асарларини шунчаки ўқимайди, балки уларнинг ижодидаги етакчи белгиларга диққат қаратади, ушбу асарларни қай хусусиятлар ҳикояга айлантирган, уларнинг асоси нима, деган саволларга жавоб излайди. Шу жиҳатдан адибнинг “Ҳикоя ҳақида” деган мақоласи диққатга сазовордир. Муаллиф ушбу мақоласида ўзига кучли таъсир кўрсатган улуғ ҳикоянависларнинг алоҳида қирраларини билимдонлик билан кўрсатиш баробарида ғоят долзарб муаммо – асарнинг бадииятига путур етказувчи иллатлардан бири – ҳикояда баёнчилик масаласига ҳам тўхталиб ўтади. Маълумки, бадиий асар фабуласи ҳаётий воқеа асосида тикланса ҳам, бу ҳаётда қандай бўлса, шундайича кўчириш керак, дегани эмас. Аксинча, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, ҳаётдан айнан кўчириш китобдан кўчиришдай гап. Асарга синч вазифасини бажарган ҳаётий воқеа муаллиф томонидан қайта ишланиши, сўнг бойитилган, аниқлаштирилган ва ёзувчининг ижодий принципларига мувофиқлаштирилган ҳолда ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилиши лозим. Шукур Холмирзаев ёзади: “Бир замонлар, ҳозирги кунда ҳам баъзан, шундай ҳикояларни ўқир эдим: бир қиз бир йигитни севади, кейин йигит вафосиз чиқипти, кейин қиз унинг юзига… Ёки, бир йигит бир қизни сева туриб, эскилик сарқити йўлига кўндаланг бўлгани учун уни енга олмай, бошқага уйланипти, кейин ўша қизни кўрипти – иккиси ҳам пушаймон… Ёки, ёмон одам билан яхши одам ҳақидаги ҳикояларни айтмайсизми… Хуллас, санайверсам, адо қилолмайман”(Холмирзаев Ш. Ҳикоя ҳақида//”Шарқ юлдузи”, 1971. № 1). Дарҳақиқат, воқеани қуруқ баён қилувчи лавҳаларнинг “ҳикоя деган нарса билан алоқаси жуда кам экан, улар шунчаки эрмак учун ёзилган ёки умуман адабиётни тушунмаслик оқибатида пайдо бўлган маҳсулотлар экан” (Холмирзаев Ш. Ҳикоя ҳақида//”Шарқ юлдузи”, 1971. № 1).

“Мўъжиза бўлиб қолсин” мақоласида Шукур Холмирзаев замондош ҳикоянавислар ижодига кенг тўхталади. Айни мақолада адибнинг ҳикоя жанрига қўйиладиган талабларга муносабати, ҳикояни бошқа жанрлардан фарқлантирувчи белгиларга оид қарашлари анча ойдинлашади. Гарчи мақола аввалида адиб “мулоҳазаларимни ҳам мутлақ объектив деб эмасжурналнингфикри ёки қатъий хулосаси деб эмас, балки шахснинг нисбий объектив мулоҳазалари, деб қабул қиласиз”, дея таъкидласа-да, унинг умумадабий мезонлар асосида иш кўргани фикрларининг ҳақиқатга ёвуқлигидан далолат беради. Иккинчидан, айни мулоҳазалар Шукур Холмирзаевнинг қозилик даъво қилмаслигини, ўзининг фикрлари хатодан холи бўлмаслигини эътироф этишини, қолаверса, ҳар кимнинг таъби ҳар хиллигини ҳисобга олганини кўрсатади.

Муаллиф йигирмадан ортиқ ёзувчининг 1987 йили чоп этилган ҳикояси мисолида ўзбек ҳикоячилигининг “шаклан ва қисман мазмунан ҳам анъанавий йўлда илгарила”ётганини, “ҳикоянависларимиз турмушга чуқурроқ шўнғий бошла”ганларини, “бир қурум адиблар тасвир имкониятларини кенгайтириш устида турли тажрибалар ҳам қилиш”аётганини ва бунинг-да “сифат ўзгаришларига олиб бориши табиий”лигини таъкидлайди. Адиб асар мазмунини бошдан-оёқ қайта сўзлаб бермайди, билъакс, таҳлил қилинаётган ҳикоянинг ютуқ ва камчиликларини аниқ мисоллар билан кўрсатади. Масалан, Жамила Эргашеванинг “Маломат” ҳикояси қаҳрамони – “ёши ўтинқираганроқ Эркиной отли қиз автобаза директори Самадни яхши кўриб қолади ва ҳалигидай “юра бошлайди”. Кунларнинг бирида маълум бўладики, директор оилали, тўртта боласи бор. Шу ўринда жиндак таажжуб қиласан: битта районда яшаб туриб, ундаги азза-базза автобазадек корхона директорининг уйланган-уйланмаганини билмаслик – ғалати! Бунинг устига, унга маъшуқа бўлиб юрган қизнинг билмаслиги!” Билганидан сўнг қиз “бировнинг оиласини бузиш яхшимас” деган ўйда ишдан кетиб қолади. Автобаза директори эса ўз оиласи оғушида, илгари қандай яшаган бўлса, яна шундай яшаб кетаверади.

“Ё, тавба, – дейсан, – ахир у Эркинойни севарди-ку? Қани “ҳаётдан тўйиб кетган” йигитнинг нолалари?”

Демак, йигит қизни шунчаки алдаб – эрмак қилиб юрган. Қиз эса, – қиз-да, – унга ишонган!

Менга шундай туюлдики, ёш адибамиз ҳам худди қаҳрамонлари Эркинойдек ўйладилар ва Эркиной каби база директорига ишондилар. Ана шунинг учун ҳам силлиқ, чиройли тил билан, эҳтирос билан ёзилган ҳикоя чала бўлиб қолди: автор ҳикояни давом эттиролмади.

Хуллас, муаллиф қаҳрамонларидан БАЛАНДда туролмаган”.

Маълумки, ХХ асрнинг сўнгги икки ўн йиллиги адабиётда ҳам ўзгаришларга, янгиланишларга бой бўлди. Ўзбек адабиётига кириб келган янги авлод адабиётни ҳам шаклан, ҳам мазмунан янгилашга ҳаракат қилишди. Н. Эшонқул, Н. Отахонов, О. Отахонов каби ижодкорлар асарлари тасвир ўзгачалиги, объект янгилиги, идеалнинг ўзгаргани билан салафлар ижодидан фарқ қилади. Н. Отахоновнинг “Оқ бино оқшомлари” асаридаги Шукур Холмирзаев таъкидлаган қуйидаги жиҳатни ҳам айни омил билан изоҳлаш ўринлидир: “Ёзувчи Ҳафизанинг эри билан ҳам, бу ўйнаши билан ҳам кечирган интим онларини биз тасвирлашга журъат этолмайдиган бир шиддат билан кўрсатадики, адабиётнинг мана шу функцияси ҳам борлигини унутиб қўйганимизга иқрор бўламиз: ахир адабиёт ҳаётнинг мана шундай томонларини ҳам одоб доирасида кўрсатиши керак!” (Холмирзаев Ш. Мўъжиза бўлиб қолсин (1987 йил ҳикоячилиги ҳақида ўйлар) //”Шарқ юлдузи”, 1988. № 6).

Шукур Холмирзаев “Оқ бино оқшомлари”дан шундай кўчирма келтиради: “Ҳафизадан дугонаси сўрайди:

“ – Мабодо қайта бошдан бошлаганингда, кимга тегардинг?

– Шариф акамга, – деди Ҳафиза ўйлаб ўтирмай.

– Унда Аваз ака-чи?

– Билмадим… – Ҳафиза тутилиб қолди. – Ростини айтсам, тағин шундай бўларди, шекилли…”

Сўнг ўз муносабатини қуйидагича билдиради:

“О, гап бу ёқдами? Демак, ёзиғи шу?.. Уни – қисматни билар экан-да? Демак, Шарифга тегиб олиб, ишратни Аваз билан суриш тақдирида бор экан-да?

Ана шунда қизиган миянгга навбатдаги хунук гап келади: демак, Ҳафиза Шарифни ҳис билан, Авазни ҳирс билан севар экан” (Холмирзаев Ш. Мўъжиза бўлиб қолсин (1987 йил ҳикоячилиги ҳақида ўйлар)//”Шарқ юлдузи”, 1988. № 6).

Бу “хунук” тасвир қарашлари анъанавий ёндашувлар асосида шаклланган Шукур Холмирзаевга ўринсиз туюлади. Ҳолбуки, инсон жумбоғи айнан унинг кўнглида, кўнгил эса турли-туман кечинмаларга бой маъво саналади. Инсон қалби сониянинг юздан бир қисмида не-не ҳисларни кечирмайди. Бу жиҳатларни инобатга олмаслик инсонни роботмисол кўрсатишга, яъни сунъийликка сабаб бўлади. Вульгар социалистик реализм талабларига мувофиқ ёзилган аксар битикларда айнан шундай қолип – стереотиплар тўлиб-тошган, аксар қаҳрамонлар икки хил – ё фақат яхши одам ёки буткул ярамас кимса сифатида талқин қилинар, бир киши ҳам хислат, ҳам иллатга эгалиги унутилганди… Гарчи ўтган асрнинг 60-йилларида адабиётимизга кириб келган ижодкорлар плеядаси мавжуд адабий кечимдан қониқмай, асарларида кўп ўзгаришлар ясаган эса-да, айрим ўринларда, айниқса, инсоннинг ҳолини – ички оламини яширмасдан тасвирлашда шаклланган йўлдан юргандиларки, бундай ёндашув Шукур Холмирзаевнинг “Оқ бино оқшомлари” юзасидан билдирган мулоҳазаларида ҳам сезилади. Бироқ (энг муҳими ҳам шуки), улкан адиб кўзқарашларини, ижодий тўхтамларини адабий кечимга мувофиқ ривожлантириб боради. Жумладан, унинг “Булут тўсган ой” (1996) ҳикоясида йўлдан адашган аёл фожиаси ўзгача ракурсда, бор мураккаблиги билан кўрсатилади. Кўнгил манзаралари беқиёс даражада гўзал акс эттирилган асар мутолааси жараёнида инсон деган хилқатнинг сирли-номаълум қирралари ҳали ҳам бисёр экани англашилади. Зотан, ҳикояда одам табиатидаги туйғуларнинг кесишган, иллату фазилатлар зидлашган нуқталари маҳорат билан, яширмай, очиқчасига акс эттирилади. Шундан ҳам кўринадики, Шукур Холмирзаевнинг “Тасаввур этинг: Нурилланинг ижозати билан ҳалиги парчани олиб ташлайлик-да, ҳикояга яна бир назар солинг: нима ўзгарди? Ҳеч нарса. Қайтамга боягидек хунук хулоса дарҳол бизни тарк этди”, деган қараши вақт ўтиб ўзгаради. Зотан, “Оқ бино оқшомлари” асарида айни парча, яъни аросатдаги жувоннинг иккиланишлари асар моҳиятини очишдаги бир калитдир; инсон жумбоғи, унинг кўнглини англаш мушкуллигини тасдиқловчи ҳолат тасвиридир.

 

Отабек САФАРОВ

 

“Ижод олами”, 2017–2

saviya.uz сайтидан олинди.